Блогимдаги рукнлар рўйхатида «Ўйинлар»нинг пайдо бўлганига ҳам анча бўлди. Gothic 3 ҳақидаги мақола чала ётибди, Fallout 3 навбатда, Half Life сериясигача анча бор. Нимагадир ёзгим келаверади шу мавзуда. Ўзимни маълум маънода «геймер» деб аташим мумкин. Бўш вақтда ўзига хос виртуал оламда сайр қилиш, персонажлар билан суҳбат, у ёки бу воқеа тарихи(ўйин ичидаги), турли бошқотирмаларни ечиш, кимнидир қутқариш, кимнидир додини бериш(булар ҳам ўйинда, албатта ;) ва ҳ.к.лар ёқади менга.
Бошқалар билан ҳам ўзимни ҳайрон қолдирган фактлар, ҳикоялар, ўзимга ёққан, янги чиқаётган ўйинларни муҳокама қилгим келади. Афсуски, ўзбек геймерларини деярли танимайман; энг қизғин суҳбат олиб борадиган геймер дўстим эса Германияда. Фақат маълум ўйинлар бўйича бир-икки одам билан фикр алмашишим мумкин, лекин ўзим ўйнаган ўйинни у одам ўйнамаган бўлса, унга бу суҳбатнинг қизиғи йўқ. Кўпчиликни бирлаштирадиган ўзбекча, ўйинлар ҳақида маълумотлар бериб борадиган сайт(портал, блог) ҳам йўқ ҳозирча.
Шунинг учун, блогимда компьютер ўйинлари ҳақида ёзишга қарор қилдим. Асосан, ўзимга ёққан, машҳур ўйинларга тўхталаман. Скриншотлар, иложи бўлса, видеолари билан. Бирор кишини ўйинларга шўнғиб кетиши, бошқа ишларини ташлаб қўйишини ҳам хоҳламайман. Айнан мен учун ўйин — дам олиш усули(кўпчилик кино кўргани каби). Ўйинлар ҳақида ёзиш — ўзимнинг ички талабим. Ёққан, қизиққан одамлар ўқийверади, бошқалар инкор қилиши мумкин.
Яна бир нарса, кўп ўйинлар сюжетида илоҳлар, афсонавий махлуқлар, дунё эртакларидан олинган қаҳрамонлар учраши мумкин. Таъкидлайманки, бирор нотўғри ўй, бировни адаштириш мақсадида ёзмайман шулар ҳақида. Шунчаки ўйинни ишлаб чиқарган дастурчилар, дизайнерлар, сценаристларнинг ўйинни қизиқ қилиш мақсадидаги ҳатти-ҳаракати холос. Тўғри тушунишингиздан умидворман.
Хуллас, бор гап шу. Қолгани алоҳида мақолаларда давом этади.